Хориждаги ўзбекистонликлар хорижга чиқиш паспортини дипломатик ваколатхоналардан олиши мумкин

Хорижга чиқиш паспорти

Хорижда яшовчи ўзбекистонликлар янги хорижга чиқиш паспортларини Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналаридан олиши мумкин. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга Давлат персоналлаштириш маркази директори Нажмиддин Тўрахўжаев хабар қилди.

«ТИВ консуллик бошқармасида маълумотларни тўплаш тизимини ўрнатдик. 2019 йил давомида барча консуллик муассасалари ва элчихоналар ҳам мазкур тизим билан таъминланади. Биз маълумотларни Интернет орқали узата ва юклай олмаймиз, бу хавфсизлик масаласи билан боғлиқ. Режаларга кўра, йил давомида бу масалани ёпамиз ва хориждаги фуқароларимиз Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилиб, мазкур ҳужжатларни олиши мумкин», — дея хабар қилди Нажмиддин Тўрахўжаев.

Ўзбекистонда 2019 йил 1 январидан хорижга чиқиш учун бериладиган ОВИР стикерини бериш тўхтатилди ва янги биометрик хориж паспорти жорий қилинди. Бугунги кунга қадар Тошкентда 570 дан ортиқ хорижга чиқиш паспорти берилган.

Хорижга чиқиш учун биометрик паспорт тўқ қизил рангда тайёрланмоқда ва 48 бетга эга. Хорижга чиқиш учун бериладиган паспортда Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари ва меъморий обидалари тасвирлари туширилган.