Андижон тумани дори ишлаб чиқарадиган корхоналар зонасига айланади

Андижон тумани, Бўтақора қишлоғи.

“Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.

Бу ҳақда Telegramида хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, фармон билан, Андижон туманида “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди.

“Андижон-фарм” ЭИЗнинг асосий вазифаси фармацевтика маҳсулотлари ва дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни ташкил этиш учун Ҳиндистон компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ва илғор технологияларини жалб этиш ҳисобланади.

“Андижон-фарм” ЭИЗнинг фаолият муддати 30 йил бўлиб ушбу муддат давомида унинг ҳудудида алоҳида солиқ ва божхона тартиблари амал қилади.

Ушбу зона иштирокчилари қуйидагилардан озод этилади:
ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловларидан;
четдан келтириладиган қурилиш материаллари божхона тўловларидан;
четдан келтириладиган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловларидан.