Ўзбекистонда нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини очишга рухсат берилди

Президент Мирзиёевнинг "Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги янги қарори эълон қилинди.

Адлия вазирлиги Telegram каналида берилган маълумотга кўра, қарорга мувофиқ, бундан буён Ўзбекистонда ҳам нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ташкил этилади ва уларга суд экспертизаларининг айрим турларини ўтказиш ҳуқуқи берилади.

Бундай ташкилотларининг суд экспертлари қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини давлат муассасаларида ўтагач, уларга суд эксперти сертификати берилади.

Аммо, суд экспертизасини тайинлаган орган нодавлат эксперт ўтказган экспертизадан қониқмаса, у ҳолда такрорий суд экспертизаси фақат давлат муассасалари томонидан ўтказилиши лозимлиги белгиланган.

Айни пайтда, қарорда Ўзбекистон адлия вазирига Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази кўрсатган хизмат учун нархни мустақил равишда белгилаш ҳуқуқи берилган.

Шунингдек, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари четдан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, реактивлар ва бошқа материаллар учун 2022 йил 1 январга қадар бож тўловларидан озод қилинди.