Фарғонада 3,5 миллион долларни Қирғизистонга олиб чиқмоқчи бўлганлар қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Фарғона вилояти орқали Қирғизистонга 3,5 миллион доллар пулни ноқонуний олиб чиқиб кетишга уринган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда “Ўзбекистон-24” телеканали Давлат хавфсизлик хизмати тарқатган расмий маълумотга таяниб хабар берди.

Хабарда айтилишича, тезкор тадбир доирасида “Фарғона—Юқори Водил” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган Nexia автомобили ва Водил қишлоғида яшовчи А.Д.нинг хонадони текширилганида, жами 1 миллион 763 минг доллар топилган.

Бундан ташқари Қирғизистонда туғилиб ўсган 56 ёшли А.Ё.нинг автомашинаси ҳам кўздан кечирилганда 1 миллион 771минг 650 АҚШ доллари топилган.

Аниқланишича, бу пул Қирғизистонга ўтказиб юборилиш учун Тошкентдан жўнатилган.

“Тезкор тадбир доирасида қонунбузарлардан жами 3 534 650 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Пулларнинг ҳақиқий эгаларини аниқлаш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилмоқда”, дейилган хабарда.