Фермерлар ҳам ҚҚС тўлаши хабар қилинди

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновга кўра, мамлакатдаги 75 минг фермер хўжалиги Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчисига айланади. Бу ҳақда хабар қилган kun.uzга кўра, вазир муовини фермерларга ҚҚС тизими бўйича ҳисоб юритиш ўргатилишини, бу мақсадда бюджет кўмагида ҚҚС ҳисобини юритиш бўйича тренинглар, малака ошириш курслари ташкил этилажагини айтган.

«Жорий йилда 28 мингдан ортиқ янги субъектлар ҚҚС тўловига ўтган. Улар орасида устав капитали 10 миллионлаб доллардан ошган йирик корхоналар бор. Улар ҳисоб-китобда ҚҚСни инобатга олиш имкониятидан маҳрум эди. Шунингдек, 75 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари ҳам қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисоб қилишни ўрганади. Шу мақсадда бюджетдан ресурс ажратилиб, махсус ўқувлар ташкил этилиши режалаштирилган. Бу табиий ҳолат, чунки фермер ҳам ҚҚС бўйича ҳисоб қила олади. У уруғ, агротехника, электрэнергия, газ, сув сотиб олади ва шулардаги ҚҚСни инобатга олиши мумкин», – деган Султонов.

Айни пайтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиси ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди.