Ўзбекистон тарихида биринчи марта хоккей бўйича чемпионат ўтказилмоқда

Тошкентда ўтаётган хоккей чемпионатида ҳозирча 4 команда иштирок этмоқда.Миллий олимпия қўмитаси сайтидан олинган сурат.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта хоккей бўйича республика чемпионати ўтказилмоқда. Чемпионатнинг очилиш маросимида Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов иштирок этди. Бу ҳақда қўмита расмий сайтида маълум қилинди.

Хабарда айтилишича, 8 февралда бошланган чемпионатнинг даврий қисми 17 март куни якунланади. 20 мартдан эса плей-офф босқичи бошланади. Унда жамоалар учта ўрин учун мусобақалашади.

Чемпионатда айни пайтда “Тошкент”, “Бинокор”, “Хумо” ва “Семурғ” жамоалари иштирок этаётгани айтилмоқда.

Биринчи босқич ўйинларида “Тошкент” “Бинокор”ни 5:1, “Семурғ” “Хумо”ни 5:4 ҳисобида ютган.

Иккинчи босқичда "Семурғ" "Бинокор"ни 6:5 ҳисобида, "Хумо" "Тошкент"ни 6:5 ҳисобида мағлуб этган.

Ўзбекистонда биринчи хоккей чемпионатини ўтказиш ташаббуси 2013 йилда ҳам кўтарилган, аммо муваффақиятсиз якунланган эди.

Ўзбекистон Хоккей федерацияси Адлия вазирлигида 2018 йилнинг 28 мартида рўйхатдан ўтказилган.