Шимолий Қозоғистонда 52 ўзбекистонлик совуқдан қутқарилди

Қозоғистонда қиш.

Павлодар — Астана йўлининг Шимолий Қозоғистон вилояти ҳудудидан ўтувчи қисмида автобуси бузилиб, совуқда қолган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси қутқарилди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Тайиншин туманидаги Кременчуг қишлоғи яқинида автобус бузилиб қолган.

Совуқдан қутқарилган ўзбекистонликларнинг 35 нафари Кременчуг қишлоғига, 17 нафари Петропавловскка жойлаштирилди.

Ички ишлар вазирлигининг техник хизмат ходимлари томонидан автобусни таъмирлаш ишларига кўмак кўрсатилди. 11 февралда автобус қайта йўлга чиққан.

Жорий йилнинг 12 январь куни Тошкентдан Красноярскка йўл олган ва «Павлодар-Остона» автомобиль йўлида бузилиб қолган автобусдан 55 нафар ўзбекистонлик қутқариб қолингани ҳам хабар қилинган эди.

Ҳар йили қиш фаслида Қозоғистон орқали Россияга кетаётган юзлаб ўзбекистонликлар мана шу тарзда қутқариб қолинади.