Хитой Туркияни уйғурлар масаласида ёлғон маълумот тарқатишда айблади

Хитойдаги "қайта тарбиялаш лагери"да сақланаётганлардан бири.

Хитой этник уйғурлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва улар учун қурилган "қайта тарбиялаш" лагерларни ёпишга чақирган Туркия ҳукуматини ёлғончиликда айблади.

Анқара 9 февралда тарқатган баёнотда уйғур миллати васф қилинган бир қўшиғи ортидан 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган таниқли уйғур шоири ва мусиқачиси Абдураҳим Ҳайитнинг ҳибсдаги "фожиавий" ўлимидан Туркия раҳбариятининг хабар топгани айтилган.

Хитой ҳукумати Анқаранинг бу баёнотини рад этди ҳамда Абдураҳим Ҳайит тириклигини иддао қилди.

-Туркиянинг айбловлари ҳеч қандай асосларга эга бўлмаган, ёлғон ва тухматга асосланган гаплардир. Хитой бу баёнотга нисбатан Туркияга ўз норозилик нотасини топширди,- деди Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Хуа Чунин 11 февраль куни.

9 февраль куни Туркия раҳбарияти мусулмон уйғурларга нисбатан Хитой ҳукумати юритаётган сиёсатни "инсоният учун иснод", деб қоралади.

Туркия ҳукумати 11 февралда ҳам яна бир баёнот тарқатиб, Хитойни этник озчиликларга нисбатан босимларни тўхтатишга чақирган эди.

«XXI асрда концентрацион лагерларнинг пайдо бўлиш фактининг ўзиёқ бутун инсоният учун уятдир. Биз Хитой расмийларига мурожаат қилиб этник уйғурлар хуқуқларини ҳурмат қилишга ва концлагерларни ёпишга чақирамиз», дейилади баёнотда.

БМТнинг 2018 йил август ойида ўтказган текшируви натижасида Шинжон-Уйғур мухториятида 1 миллионга яқин мусулмон "экстремизмга қарши кураш" сабаби билан "қайта тарбиялаш лагерлари"да сақланаётгани аниқланган.

Бунга қадар Хитой уйғурлар учун махсус лагерлар борлиги ҳақидаги маълумотларни инкор қилиб келаётган эди.