"Ўзбекистон" сотилмоқда. Бошланғич нархи $33 млн.

“Ўзбекистон” меҳмонхонаси комплексини сотиш бўйича очиқ танлов савдолари ўтказилмоқда, деб хабар қилди ЎзА Давлат активларини бошқариш агентлигига таяниб.

Маълум қилинишича, танлов предметининг бошланғич баҳоси 33 миллион АҚШ доллари этиб белгиланган.

“Ўзбекистон” меҳмонхонаси Тошкентнинг энг машҳур меҳмонхоналаридан бири. У 1974 йилда, шаҳарнинг қоқ марказида қурилган. Меҳмонхона ойналаридан Амир Темур хиёбони кўриниб туради. Кўп қаватли меҳмонхона ер қимирлашига чидамли бўлиши учун ярим айлана шаклида лойиҳалаштирилган. Меҳмонхонанинг архитектураси ўзида замонавий, европа услубларининг миллийлик билан уйғунлигини мужассамлаштиради. Бу ерда Европа стандарларига тўлиқ риоя этилган ҳолда, аммо шарқ анъаналарини унутмаган ҳолда хизматлар кўрсатилади.