Тошкентда 35 ёшли аёл ва уч ёшли бола кўп қаватли бинодан қулади, аёл ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Тошкентнинг Олмазор ва Юнусобод туманида 11-12 февраль кунлари икки одам кўп қаватли бино ойнасидан ерга йиқилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, 11 февраль куни Юнусобод туманидаги Семашко номидаги Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-тадқиқот маркази ҳамшираси марказнинг учинчи қаватидан йиқилиб ҳалок бўлган.

Милиция 35 ёшли ҳамшира деразани ювмоқчи бўлгани ва эҳтиётсизлик оқибатида ерга қулаганини аниқлади. Бу иш юзасидан тиббий суд экспертизаси белгиланди.

Олмазор туманида назоратсиз қолган уч ёшли бола учинчи қаватдаги квартиранинг очиқ деразасидан йиқилиб тушган.

“Бола бувисининг уйида балкондаги дераза токчаси баландлигида бўлган топчан устига чиқади ва пастга йиқилиб тушиши натижасида тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилади”, дейилади хабарда.