Тожикистон суди журналист Хайрулло Мирсаидовни ҳибсга олиш тўғрисида сиртдан қарор чиқарди

Тожикистон суди журналист Хайрулло Мирсаидовни ҳибсга олиш тўғрисида сиртдан қарор чиқарди.

Журналистнинг адвокати Бахтиёр Насруллоев 11 февралда Озодлик радиосига Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Хайрулло Мирсаидовни ўтган ҳафтада халқаро қидирувга бергани тўғрисида айтган эди.

Адвокатнинг билдиришича, Мирсаидов ўтган йилнинг октябрида тожик ҳуқуқ-тартибот идораларини соғлиғи ёмонлашгани туфайли Грузияга бориб даволаниши ҳақида огоҳлантирган. Бироқ суд унга мамлакатни тарк этишни тақиқлаган, негаки у жамоат ишларини бажариш ва ойлик иш ҳақининг 20 фоизини ҳукумат ҳисобига ўтказиб туриш тўғрисидаги суд ҳукмини бажариши шарт бўлган.

Мирсаидов суд тақиқига қарамай Тожикистондан Грузияга кетган. Шундан сўнг у январь ойида суд ҳукмини бажармаган шахс сифатида сиртдан 8 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд ҳукми ўтган ҳафтада кучга кирган.

2017 йилнинг 11 июлида Хўжанд суди Хайрулло Мирсаидовни давлат мулкини ўзлаштириш, ҳужжатларни сохталаштириш, милицияга ёлғон ҳисобот бериш, этник ва диний нафрат қўзғатишда айблаб 12 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

Журналист унга қўйилган айбловларга ҳукумат коррупцияси ҳақидаги мақолалари туртки бўлганини айтиб, уларга иқрор бўлмаган.

Халқаро ташкилотлар расмий Душанбени журналистни зудликда қамоқдан чиқаришга чақирган эди.

Шундан сўнг Сўғд вилоят суди журналист Xайрулло Мирсаидовни 2017 йилнинг 22 август куни суд залидан озод қилган.