Халқ артисти Мирза Азизов Чингиз Айтматов халқаро мукофотининг лауреати бўлди

Мирза Азизовга мукофот 12 февраль куни Бишкекда топширилди.

Ўзбекистон халқ артисти, Тошкентдаги Муқимий номидаги давлат мусиқали драма ва комедия театрининг директори Мирза Азизов Чингиз Айтматов халқаро клубининг лауреати бўлди.

Мукофотни топшириш маросими Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги Опера ва балет Академик Катта театрида 12 февраль куни бўлиб ўтди.

Халқаро клуб президенти академик Акматжан Акматалиевнинг айтишича, Мирза Азизов Чингиз Айтматов ижодини театр орқали ўзбек томошабинларига таништириш йўналишидаги кўп йиллик хизматлари учун мазкур мукофот билан тақдирланди.

-Ўйлайманки, биз ўзбекистонлик санъаткорлар Чингиз Айтматов ижодига ҳали кўп маротаба мурожаат қиламиз. Бу юксак мукофотни бизга беришда ташаббус кўрсатганларнинг барчасига миннатдорчилик билдирамиз,-деди Мирза Азизов.

Чингиз Айтматов халқаро клуби 1991 йилда ташкил этилган. Клуб Айтматов асарларини тарғиб қилиш билан шуғулланиб келади.