Bloomberg: Ўзбекистон евробонд орқали изоляцияда қолган иқтисодиётини инвесторларга очмоқда

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Bloomberg телеканалига интервью берди.

Bloomberg нашри Ўзбекистон евробондларни биржага жойлаштириш орқали йигирма йилдан кўпроқ вақт изоляцияда қолган иқтисодиётини хориж инвестициялари учун очмоқда, деб ёзди.

14 февраль куни Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта беш йиллик 500 млн долларлик ва ўн йиллик 500 млн долларлик евробондларни жойлаштиргани эълон қилинган эди.

Даставвал купонлар 5,625−5,75 ва ва 6 фоиз диапазонда белгиланди, бироқ талаб ошганидан сўнг фоиз ставкалари пасайтирилди.

“Расмий маълумотларда айтилишича, фоиз ставкаларининг туширилиши харидорлар томонидан талаб жуда юқори бўлгани билан асосланди. Дастлабки савдолар вақтида 1 млрд долларлик еврооблигацияларни жойлаштириш режалаштирилаётган бир вақтда уларга бўлган талаб 8,5 млрд доллардан ошган", дейилади "Газета уз" хабарида.

Bloomberg нашри экспертларига кўра, Ўзбекистон евробондларининг бундан кейинги қиймати бефосита иқтисодий ва статистик маълумотларнинг нақадар очиқлигига ҳам боғлиқ бўлади.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Bloomberg нашрининг бу борадаги саволига жавоб берар экан:

«Статистик маълумотлар очиқлиги муаммоси биз учун янги. Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармаси методлари ва стандартлари бўйича маълумотларни тарқатиш тизимига ўтди ва ҳозирда барча иқтисодий маълумотларни ХВЖ сайтидан топиш мумкин. Айни вақтда биз барча маълумотларни онлайн-режимда инглиз тилига таржима қилиш устида иш олиб бормоқдамиз. Масалан, Марказий банк, Молия вазирлиги ва бошқа етакчи иқтисодий институтлар маълумотларини. уларда ҳозирданоқ инглиз тилидаги айрим маълумотлар мавжуд, бироқ биз ушбу йўналишдаги фаолиятимизни яхшилашимиз керак», — деб айтди.