Ҳиндистон - Покистон зиддияти Uzbekistan Airways учун ноқулайликларни пайдо қилди

Uzbekistan Airways самолёти.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасида юзага келган зиддият Uzbekistan Airways самолётларининг парвозларига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Uzbekistan Airways ширкатининг 27 февралда билдиришича, икки давлат ўртасидаги низо туфайли Мумбай, Дели, Сингапур ва Бангкокдан Тошкентга парвозлар кечиктирилди. Бу рейслар 28 февраль куни тунда амалга оширилди.

Шунингдек, 27 февраль куни Ташкент-Амритсар рейси Покистон ва Ҳиндистон транзит парвозлар учун ҳаво йўлини ёпгани оқибатида ортга қайтишга мажбур бўлган.

Ширкат Ҳиндистон, Покистон ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига Тошкентдан амалга ошириладиган парвозлар йўналиши, давомийлиги ва вақти ўзгартирилиши мумкинлигини ҳам билдирди.

26 февраль куни Ҳиндистон армияси ўз қирувчи самолётлари Покистон ҳудудидаги "террорчилар базаси"га ҳужум қилганини билдирган. Бунга жавобан Покистон 27 февралда Кашмир ҳудудида Ҳиндистонга қарашли икки қирувчи самолётни уриб туширган.

1947 йилда Британиядан мустақилликка эришганидан бери икки ядровий қўшни ўртасида уч марта уруш юзага чиққан ва улардан иккитаси Кашмир устидаги низодан бошланган.