Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги таранглик дунё ҳамжамиятини ташвишга солди

Покистон 27 февралда Ҳиндистоннинг икки самолётини уриб туширди.

АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Россия ядровий қуролларга эга бўлган Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги зиддият кучайиб бораётганидан ташвиш билдирди.

Пентагон 27 февраль куни мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Патрик Шанахан икки давлат ўртасидаги кескинликни юмшатиш масаласида ишлаётганини билдирди. Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Федерика Могерини эса икки давлатни "ўта босиқлик"ка чақирди.

Икки давлат ўртасидаги кескинлик 14 февралда Кашмирда худкуш ўзини портлатгани оқибатида 44 нафар ҳинд полициячиси ҳалок бўлгани ортидан бошланди.

26 февраль куни Ҳиндистон армияси ўз қирувчи самолётлари Покистон ҳудудидаги "террорчилар базаси"га ҳужум қилганини билдирган. Бунга жавобан Покистон 27 февралда Кашмир ҳудудида Ҳиндистонга қарашли икки қирувчи самолётни уриб туширган.

-Бугун биз чоралар кўрдик. Бу ҳеч қандай зарар ва қурбонлар бўлмаслиги учун биз томонимиздан ишлаб чиқилган режа эди. Биз Ҳиндистонга, агар сизлар бизнинг мамлакатимизга ҳужум қилсангиз, биз ҳам сизга жавоб қайтаришга тайёрмиз демоқчи бўлдик. Ҳиндистоннинг иккита МиГ самолёти чегарамизни бузиб ўтди, биз уларни уриб туширдик,-деди Покистон Бош вазири Имрон Хон.

1947 йилда Британиядан мустақилликка эришганидан бери икки ядровий қўшни ўртасида уч марта уруш бўлган ва улардан иккитаси Кашмир устидаги низодан бошланган.