Экстракорпорал уруғлантиришдан фойдаланишга расмий никоҳдаги эр-хотин учунгина рухсат берилади

28 февраль куни ўз ишини бошлаган Сенатнинг ялпи мажлисида «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонун маъқулланди.

Бу ҳақда ялпи мажлисда иштирок этаётган Kun.uz мухбири хабар қилди.

Айтилишича,тилга олинган қонундан мақсад аҳоли репродуктив саломатлигини яхшилаш, эркаклар ва аёллар бепуштлигининг олдини олиш ва даволаш тизимини қонунчилик даражасида мустаҳкамлашдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг билдиришича, охирги йилларда ажралишларнинг 4,7 фоизи бепуштлик оқибатида рўй берган.

Ўзбекистонда ўтказилган турли тадқиқотлар натижаларига кўра, бирламчи бепуштликка чалинган аёллар барча турмуш қурганларнинг умумий сонига нисбатан 4,9 фоиздан 5,3 фоизгача ташкил этади. Бу рақамлар Ўзбекистонда оилаларни сақлаш мақсадида ёрдамчи репродуктив технологияларни жорий этишнинг муҳимлиги ва зарурлигини яққол кўрсатади.

Қонунда ЭКО, яъни сунъий экстракорпорал уруғлантириш масаласига алоҳида урғу берилган. Сенат йиғилишида маъруза қилган сенаторнинг айтишича, ЭКО фақат расмий никоҳда яшаётган эр-хотин учун рухсат берилиши назарда тутилмоқда.