Омбудсмен ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича гуруҳ ташкил этилади

Иллюстратив сурат.

Омбудсмен ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив гуруҳ ташкил этилади. Бу борада 28 февраль куни Сенат томонидан “Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) тўғрисида"ги қонунга ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят-ижроия кодексларга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Бундан буён Омбудсмен қамоқхоналарга ва ҳибсхоналарга тўсиқларсиз кириш ҳуқуқига эга бўлади ҳамда қийноқларнинг олдини олиш чораларини кўради.

Омбудсмен қамоқдаги шахслар сони ҳақида ахборот олиш, маҳбуслар билан суҳбатлашиш, уларга қилинаётган муомаладан хабардор бўлиш, ҳужжатлар билан танишиш, маҳбусни тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволашни талаб қилиш, масъуллардан маҳбуслар ҳуқуқлари таъминланиши юзасидан тушунтириш олиш, аниқланган ғайриқонуний ҳаракатларга чек қўйиш юзасидан тезкор чоралар кўриш ҳамда қийноқларнинг олдини олиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга бўлади.

Омбудсмен руҳий касалликлар шифохонаси, наркология клиникалари каби муассасаларда сақланаётганларнинг ҳам қийноқларга солинишининг олдини олиш чораларини кўради.

Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга асосан Омубдсмендан ташқари қийноқларга қарши кураш гуруҳининг экспертлари, Омбудсмен котибияти вакиллари ҳам Омбудсмен йўлланмаси билан қамоқхоналарга тўсиқларсиз кириш ҳуқуқига эга бўлди.