Ўзбекистон қонун устуворлиги рейтингида 94-ўринда

World Justice Project ташкилоти логотипи.

Ўзбекистон қонун устуворлиги рейтингида 126 давлат орасида 94-ўринни эгаллади. Ўзбекистондан олдинги ўринда Кот-д'Ивуар, кейинги ўринда эса Доминикан Республикаси қайд этилган.

Мазкур рейтинг ҳар икки йилда бир марта World Justice Project халқаро ташкилоти томонидан ишлаб чиқилади. Бундан аввалги рейтингда Ўзбекистон 113 давлат орасида 91-ўринни эгаллаган эди.

Ўзбекистон 2015 йилги қонун устуворлиги жаҳон рейтингида 81- ўринда эди. 2014 йилги рейтингда эса Ўзбекистон 73- поғонада бўлган.

Марказий Осиё минтақасида қонун устуворлиги бўйича Қозоғистон 65-ўринни, Қирғизистон 85-ўринни эгаллаган. Тожикистон ва Туркманистон рейтингга киритилмаган.

Рейтингдаги биринчи учликда Дания, Норвегия ва Финляндия қайд этилган. Охирги учликдан эса Конго Демократик Республикаси, Комбоджа ва Венесуэла ўрин олган.

Қонун устуворлиги рейтинги 2010 йилдан бери тузиб келинади. Рейтингда мамлакатлар давлат ҳокимияти институтлари ваколатларининг чекланганлиги, коррупция даражаси, тартиб ва хавфсизлик, асосий ҳуқуқларнинг ҳимояланиши, ҳокимият институтларининг шаффофлиги, қонунларнинг ижро этилиши, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича адолатли судлов соҳасидаги муваффақиятларга қараб баҳоланади.