Таниқли адабиётшунос олим Омонулла Мадаев вафот этди

Омонулла Мадаев.

Таниқли адабиётшунос олим, фан номзоди Омонулла Мадаев 2 март куни 76 ёшида вафот этди.

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, олимнинг жанозаси 3 март куни Тошкентдаги Кўкча масжидида ўқилган.

Омонулла Мадаев 1942 йилнинг 20 майида Тошкент шаҳрида туғилган. 1964 йилда ТошДУнинг филология факультетини битириб, мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган.

1982 - 2015 йилларда ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетида дарс берган.

Омонулла Мадаев “Мохир педагог”, “Халқ таълими аълочиси» унвонлари ҳамда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Фольклор мутахассиси бўлган Омонулла Мадаев кенг жамоатчиликка телеканаллар ва нашрларда қилган чиқишларида Ўзбекистондаги мавжуд тест тизимини, ўқитувчилар орасидаги порахўрликни кескин танқид қилгани билан танилган эди.

Олимнинг ўлими муносабати билан ижтимоий тармоқларда таъзиялар билдирилмоқда. Жумладан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов ўз Facebook саҳифасида: «Бугун мен учун ғоятда қайғули кун. Бутун ўзбек халқига, илм аҳлига ўрнак бўла оладиган фидойи олим, тилимиз ва адабиётимизнинг ҳақиқий жонкуяри ва тарғиботчиси, чинакам зиёли инсон Омонулла Мадаев оламдан ўтдилар. Бу биз учун, маънавиятимиз учун катта йўқотиш деб ўйлайман. Устознинг оила аъзолари, яқинларига ўз ҳамдардлигимни билдираман. Охиратлари обод бўлсин», деб ёзди.