Ташқи ишлар вазири Доҳада Толиблар делегацияси раҳбари билан учрашди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Доҳада Толиблар ҳаракати делегацияси раҳбари Бародар Охунд билан учрашди.

"Интерфакс" агентлигининг ҳаракат матбуот котиби Забиулла Мужоҳидга таяниб хабар қилишича, якшанба кунги учрашувда Ўзбекистон томони Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва бу давлатга иқтисодий ёрдам учун музокараларда қатнашишга тайёрлигини билдирган.

Учрашувда Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашевнинг ҳам қатнашгани айтилмоқда.

Абдулазиз Комиловнинг Қатарга сафарини ёритган Ташқи ишлар вазирлиги сайтида бу учрашув ҳақида ҳозирча хабар берилмади.

Айни пайтда "Интерфакс" агентлигининг ёзишича, Ўзбекистон расмийлари учрашувлар давомида "Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик" истагини ҳам билдирган.

Шунингдек, 4 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири қатарлик ҳамкасби Султон бин Саад ал-Мурейхий билан ҳам музокаралар ўтказди.

Ташқи ишлар вазирлиги сайтида берилишича, музокарада иккитомонлама ҳамкорлик ва халқаро миқёсдаги масалалар муҳокама қилинган.