Мирзиёев Россия ҳарбий самолётларининг Ўзбекистон узра учишига рухсат берувчи ҳужжатни имзолади

Россия ҳарбий ҳаво кучларига тегишли Ил-20 самолёти

4 март куни президент Мирзиёев Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари икки давлат ҳарбий ҳаво кемаларининг ҳар икки давлат ҳаво ҳудудидан фойдаланишига рухсат берувчи ҳужжатни имзолади.

Адлия вазирлигининг Telegram каналида эълон қилинган хабарга кўра, имзоланган ҳужжат “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳарбий ҳаво кемаларининг Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳаво ҳудудидан фойдаланиши тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2018 йил 12 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонундир.

Ушбу ҳужжатда бир давлат ҳарбий ҳаво кемаларининг тўхтовсиз манзилга учиб боришида қўшни давлат ҳаво ҳудудидан фойдаланиш тартиби белгиланган.

Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 18 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган эди.