Тадбиркорлар онлайн усулда банк ҳисоблари очишлари мумкин

Ўзбекистондаги банклардан бирида навбатда турган одамлар.

Давлат хизматлари агентлиги 5 мартдан бошлаб онлайн усулда банк ҳисоб рақамини очиш имкониятини яратди.

ЎзАнинг хабар беришича, бу хизматдан тадбиркорлар фойдаланиши мумкин. Хизмат бизнес муҳитини яхшилаш мақсадида ташкил этилган.

Хабарда айтилишича, масофадан туриб онлайн усулда банк ҳисобини очиш учун рўйхатдан ўтган тадбиркорлар дастлаб ўзлари истаган банкни танлашлари шарт бўлади. Шундан сўнг банк 5 дақиқа ичида ҳисоб рақамини очади.

Ҳозирча fo.birdarcha.uz электрон хизмати орқали «Трастбанк» ва «Ипотекабанк»нинг Тошкент шаҳридаги филиалларида ҳисоб рақам очиш мумкин. Хабарда айтилишича, ҳар куни банклар рўйхати кенгайиб боради.