Бош прокурор Отабек Муродов ишдан олингани тўғрисидаги маълумот рад этилди

Ўзбекистон прокуратураси эмблемаси.

Бош прокуратура бош прокурор Отабек Муродов вазифасидан озод этилгани тўғрисидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар 6 март куни хабар берди.

Аввалроқ Интернетдаги ижтимоий тармоқларда Бош прокурор Отабек Муродов ишдан олингани, унинг ўрнига эса Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов тайинлангани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар пайдо бўлган эди.

Бош прокуратура маҳаллий матбуотга берган расмий билдирувида бу гапларни “уйдирма”, деб атаган. Бироқ Бош прокуратура ўз расмий сайтида бу билдирувни эълон қилган эмас.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳам вазир Пўлат Бобожонов ўз фаолиятини давом эттираётгани, у 6 март куни вазирлик тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизларга табрик йўллаганини маълум қилди.