Юридик шахсларга ўз товарини нақд пулга сотишга рухсат берилди

Ҳукумат 8 март куни ўзининг айрим қарорларига киритган ўзгартиришларга мувофиқ, юридик шахсларга ўзлари ишлаб чиқарган товарларни бошқа юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга нақд пулда сотишига рухсат берилди, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.

Илгари ҳисоб-китоблар фақат нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши мумкин эди.

Янги тартибга биноан нақд пул воситасидаги ҳисоб-китоблар битта шартнома доирасида энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваригача (20 млн 273 минг сўмгача) миқдорда ҳамда назорат-касса машиналаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Шу билан бирга, юқорида кўрсатилган сумма доирасида эндиликда товарларни улгуржи сотиш нақд пулда ёки нақд пулсиз шаклида, шу жумладан пластик карточкалар орқали ҳам амалга оширилиши мумкин. Илгари товарларнинг улгуржи савдоси фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоб асосида амалга оширилиши лозим эди.

Амалдаги қонунчиликка кўра чакана савдо корхоналари товарларни нақд пулсиз сотиши мумкин, лекин бунда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар корхонанинг ойлик товар айланмаси умумий ҳажмининг 10 фоизи доирасида амалга оширилиши лозим эди.

Ўзгартиришларга асосан, товарларни нақд пулсиз сотишда чакана савдо корхоналари учун белгиланган мазкур чеклов бекор қилинди.