Милиционерларни рағбатлантириш ва жаримага тортиш тартибига айрим ўзгартиришлар киритилди

Ўзбек милиционерлари.

Ички ишлар ходимларини рағбатлантириш ва жаримага тортиш тартиби юзасидан айрим қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Адлия вазирлигининг хабар беришича, 11 март куни қабул қилинган ўзгартишларга асосан, бундан буён йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун солинган жарималарнинг 45 фоизи Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаларига йўналтирилади.

Бундан аввал жарималарнинг 55 фоизи Ички ишлар вазирлиги ихтиёрида қолдирилар эди.

Жарималар суммасининг 10 фоизи эса Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармасига ўтказилади.

Бундан ташқари амалдаги қонунчиликда профилактика инспекторлари ва тезкор ходимлар фаолияти қониқарсиз деб баҳоланса, уларга ойликларининг 50 фоизгача бўлган миқдорда жарима солинииши назарда тутилган эди.

Янги ўзгартишларга мувофиқ, бундан буён мазкур жарима маблағлари ҳам Ички ишлар вазирлиги ихтиёрида қолдирилади.