1927 йилда ташкил қилинган Самарқанд университетининг 600 йиллигини ўтказиш таклиф қилинмоқда

Самарқанд университети биноларидан бири.

Ўзбекистонлик машҳур тарихчи олимлар - тарих фанлари доктори, академик Э. Ретвеладзе ва Фанлар Академияси Тарих институти директори, тарих фанлари доктори Р. Абдуллаев Самарқанд давлат университетининг 600 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб қувватлади. Икки олимнинг бу борадаги мақолалари ЎзА сайтида 13 март куни чоп этилди.

Расман 1927 йилда ташкил этилгани айтиладиган Самарқанд давлат университетининг 600 йиллигини 2020 йилда нишонлаш ташаббусини февраль ойининг охирларида университет ректори Рустам Холмуродов кўтарган эди.

“Таклифимиз аниқ-тиниқ: Самарқанд давлат университети бевосита Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг вориси, демак, унга 1420 йили Мирзо Улуғбек томонидан асос солинган, деб таъкидласак, замонамиз аҳли, биринчи навбатда, ёш авлодимиз кўнглига ғурур бағишлаган, уларни билим ва маърифатни ўрганишга руҳлантирган, тарихий адолатни тиклаган бўлар эдик”, деб асослаган ўз фикрни Рустам Холмуродов.

Ретвеладзе ва Абдуллаев университет ректорининг мазкур ташаббуси мантиқий ва тарихий жихатдан асоссланган, деб ҳисоблайдилар.

Бугунги кунда Самарқанд университетида 13 минг талаба ўқийди. Уларга 800 нафар профессор ва ўқитувчи дарс беради.