Уйчида 735 минг долларни Қирғизистонга олиб ўтмоқчи бўлганлар судланди

Иллюстратив сурат.

Наманган вилоят Уйчи туманида 735 минг доллардан кўпроқ валютани Қирғизистонга олиб ўтишга ҳаракат қилганликда айбланган гуруҳга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Daryo.uz 18 март куни хабар берди.

Маълум қилинишича, 2018 йилнинг сентябридан 23 октябригача бўлган муддатда ака-ука Аҳмадхоновлар, Б. Жўраев, О. Маҳмудовдан иборат гуруҳ Тошкентдаги хонадонлардан бирига 735 338 доллар маблағ тўплайди.

Улар бу пулни Қирғизистонга ноқонуний йўл билан олиб ўтиш мақсадида Тошкентдан Чуст туманига олиб келаётганларида, Чуст тумани Каркидон қишлоғида ДХХнинг Наманган вилоят бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинади.

Хабарда айтилишича, Уйчи туман суди ҳукми билан гуруҳ аъзоларининг ҳар бирига 5 йилу 5 ойдан қамоқ жазоси белгиланди.

Улардан мусодара қилинган 735 338 доллар ҳамда бу пулларни Тошкентдан Чустга ташиш учун фойдаланилган Nexia автомашинаси давлат фойдасига ўтказилди.