Сурхондарё вилоятида кучли қум бўрони юз берди (ВИДЕО)

2018 йилнинг майида ҳам Ўзбекистонда қум ва туз бўрони кузатилган эди.

Термиз метеостанцияси 18 март куни Сурхондарё вилоятида кучли қум бўрони юз берганини қайд этди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Гидрометеология хизмати бўрон кундузги соат учга яқин бошланганини билдирди.

Гидрометеология хизматининг маълум қилишича, қум бўрони маҳаллий аҳамиятга молик бўлган. Шамолнинг тезлиги секундига 18-метрни ташкил қилди.

“Бу маҳаллий қум бўронларини юзага келтириши мумкин бўлган шиддатли шамол ҳисобланади", дейилади хабарда.

Daryo.uz қум бўрони Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳам кузатилгани тўғрисида хабар берди.

Озодлик радиоси ўтган йилнинг 26-27 май кунлари Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ёмғир аралаш туз бўрони юз бергани ҳақида хабар қилганди.

Ўшанда шамол тезлиги 25−27 м/с га етган эди. Узоқ давом этган қуруқ об-ҳаводан сўнг кучли шамол кўп миқдордаги чанг ва Орол денгизининг қуриган тубидан тузларни ҳавога кўтарган эди.