БААга сафар: Президент Шавкат Мирзиёев “Ваҳат ал-Карама” ёдгорлигида бўлди

Абу-Даби халқаро аэропортида президентни БАА Бош вазири ўринбосари Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён кутиб олди, 24 март, 2019 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифининг асосий тадбирлари бошланди.

Бу ҳақда хабар қилган Президент матбуот хизматига кўра, давлат раҳбари, дастлаб Абу-Даби шаҳридаги Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён мақбараси ҳамда масжидини зиёрат қилган.

Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён Бирлашган Араб Амирликларининг биринчи Президенти бўлган. У 2004 йили ўзи қурдирган мазкур масжид ёнида дафн этилган. Бугунги кунда ушбу масжид ва мақбара мамлакат аҳолиси учун табаррук масканга, хорижий делегациялар раҳбарлари ташриф буюрадиган мажмуага айланган.

Бу масжид дунёдаги энг катта масжидлардан бири бўлиб, қурилиш ишлари 1996 йилдан 2007 йилгача давом этган. Унда бир вақтнинг ўзида 40 минг киши намоз ўқиши мумкин.

Мажмуага ташриф асносида Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён руҳига Қуръон тиловат қилинди.

Ўзбекистон раҳбари “Ваҳат ал-Карама” ёдгорлигига гулчамбар қўйди.