Франция мусулмонлар кенгаши Крайстчерчдаги ҳужум трансляцияси туфайли Facebook ва YouTube’ни судга берди

Крайстчерчдаги ҳужумга учраган масжид ёнида турган мусулмон оиласи.

Франция мусулмонлар кенгаши Крайстчерчдаги масжиддан ҳужумчи Брентон Таррант томонидан олиб борилган бевосита трансляция учун Facebook ва YouTube’ни судга берди.

Кенгаш мазкур ширкатлар трансляцияга имкон бериш орқали “террорчиликни рағбатлантирувчи ҳамда инсон қадр-қийматига путур етказувчи” материаллар тарқалишида иштирок этганлар, деб ҳисоблайди. Шунингдек, даъвогарлар ширкатларга трансляцияни узиб қўйиш ва бу материаллар тарқалишининг олдини олиш учун жуда кўп вақт талаб этилганини иддао қилмоқдалар.

Франция қонунларига кўра, YouTube видеохостинги ва Facebook ижтимоий тармоғига 75 минг евро миқдорида жарима солиниши мумкин.

Аввалроқ Facebook маъмурияти Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги икки масжидга ҳужумдан кейин ўтган 24 соат ичида ижтимоий тармоқ отишма акс этган 1,5 миллиондан кўпроқ видеоёзувни ўчириб ташлаганини билдирган. Ширкат видеонинг бевосита одамлар отилаётган кадрлари таҳрир қилинмиш версиялари ҳам ўчириб ташланаётганини билдирган. Брентон Таррант ҳужумни ижтимоий тармоқ орқали бевосита трансляция қилганди.

15 март куни Крайстчерчдаги иккита масжидга уюштирилган ҳужум оқибатида 50 киши ҳалок бўлган. Янги Зеландия расмийлари мазкур воқеани теракт, деб атаган.