Россия-Ўзбекистон Бош вазирларининг навбатдаги учрашуви май ойида Тошкентда бўлади

Дмитрий Медведев ва Абдулла Арипов.

Россия ҳукумати матбуот хизматининг билдиришича¸ Бош вазир Дмитрий Медведев Россия-Ўзбекистон ҳукуматларининг бош вазирлар даражасида ўтадиган қўшма комиссиясининг илк мажлисида қатнашиш учун Тошкентга боради.

Айтилишича¸ Дмитрий Медведев ва Абдулла Арипов 25 март кунги телефон суҳбатида бу мажлисни май ойи охирида Тошкентда ўтказишга келишиб олган.

Мулоқот давомида¸ Россия томони расмий баëнотига кўра¸ иккала Бош вазир ўзаро савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликнинг жорий вазиятини ҳам муҳокама қилган.

Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия Владимир Путин ва Шавкат Мирзиëев икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтиришга келишиб олгани ортидан 2018 йил октябрида ташкил этилган.