Европарламент ЕИни Ўзбекистондаги сиëсий ислоҳотлар ижросини яқиндан кузатишга чақирди

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бери ЕИнинг бош дипломати Федерика Могерини бир неча бор Ўзбекистонга сафар қилди.

Европа парламенти Европа Иттифоқи раҳбариятини Ўзбекистон ҳукуматининг сиëсий ислоҳотлар¸ инсон ҳақлари ва матбуот эркинлигини ҳурматлаш борасида берган ваъдалари ижросини яқиндан кузатишга даъват қилди.

Каримов ўлимидан сўнг ислоҳотлар ваъдаси билан ҳокимиятга келган Шавкат Миризëев ҳукуматига нисбатан ëндашув бўйича берилган тавсиялар Европарламент депутатлари томонидан 26 март куни маъқулланди.

Бу ҳужжатда ЕИнинг ижроия кенгаши ва иттифоқнинг Ташқи сиëсат бўйича раҳбари Федерика Могеринига “Ўзбекистон ҳукумати билан мунтазам мулоқот олиб бориш ва мамлакатда мустақил адлия тизими барпо этишга қаратилган сиëсий ва демократик ислоҳотлар ижросини кузатиш” тавсия этилган.

Европарламент ҳисоботида шунингдек¸ Ўзбекистон раҳбариятидан мамлакатда ҳақиқий рақобат асосида сайланган том маънодаги мустақил парламент тизими яратиш”¸ инсон ҳақлари¸ гендер тенглиги ва матбуот эркинлигини ҳимоялаш борасида жиддий қадамлар қўйиш сўралган.

Жорий йилнинг 4-7 февраль кунлари Тошкентда ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокараларнинг биринчи даврасини ўтказилган эди.

Европарламент ҳисоботидаги тавсиялар ана шу сўзлашувларнинг Брюсселда ўтказиладиган иккинчи раунди олдидан тақдим этилди.