И.Каримов номидаги университет ётоқхонасининг 6-қаватидан йиқилган қиз ҳаётдан кўз юмди

Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат Техника университети биноси.

Пойтахтдаги Талабалар кўчаси 63-талабалар ётоқхонаси 609-хонасида вақтинча яшаган Ш.У. Тошкент Тиббиёт академиясининг 2-клиникаси жонлантириш бўлимида вафот этган. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга маълум қилган Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова 1994 йилда туғилган талаба қиз ётоқхонанинг 6-қаватидан ўз эҳтиётсизлиги оқибатида йиқилганини урғулаган.

Аввалроқ қатор нашрлар Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат Техника университетида таҳсил олувчи қиз 6-қаватдан ўзини ташлагани ҳақида хабар қилганди.

Бош прокуратура вакиласи мазкур ҳолат юзасидан Олмазор туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эса Telegram тармоғидаги ўз каналида Тошкент давлат техника университети “Кончилик иши ва металлургия” факультетининг 2-босқич талабаси Ш.У. табиатан оғир ва босиқ бўлгани, ҳеч ким билан ихтилофга бормагани, оиласида ҳеч қандай муаммолари бўлмаганини маълум қилади. Вазирлик маълумотига кўра, 28 март куни “Кончилик иши ва металлургия” факультети декани ва бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар талабанинг Паркент туманидаги уйига ташриф буюрганлар ва марҳуманинг дафн маросимида қатнашганлар.