Марказий банк: Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 17,3 миллиард доллар бўлди

Ўзбекистоннинг 2019 йил 1 январдаги жами ташқи қарзи 17,3 миллиард долларга етди.

Ўзбекистон Марказий банкининг хабар қилишича, соф ташқи қарз 2017 йилдагига нисбатан 2 баробарга ёки 2 миллиард 100 миллион долларга ўсган.

"2018 йилда давлат сектори ташқи қарзларининг ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан ошгани кузатилиб, мавжуд маълумотлар асосида ўсиш суръатининг жорий тенденцияси келаси йилда ҳам сақланиб қолиши кутиляпти. Бу ҳолат давлат ривожланиш дастурларини молиялаштириш учун жалб қилинаётган янги қарздорликлар билан тушунтирилиши мумкин", дейилади ҳисоботда.

Давлат томонидан кафолатланмаган хусусий ташқи қарз эса ўтган йил давомида 977 миллион долларга камайиб, 7,2 миллиард долларга тушган.

Ҳисоботда, хусусий ташқи қарзларнинг асосий қисми нефть, газ, энергетика соҳаларига тўғри келиши ва жами 5,3 миллиард долларни ташкил этиши айтилди.