Мирзиёев сафари ортидан Бухорода 3та туман ҳокими ва 2 ректор ишдан олинди

Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти расмийлари билан учрашув пайтида. Президент расмий сайтидан олинган фотосурат.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи ортидан 3та туман ҳокими ва 2та олийгоҳнинг ректори ишдан бўшатилди.

Kun.uz нашрининг маълум қилишича, 31 март куни вилоят ҳокими Ўктам Барноев Вобкент, Ромитан ва Бухоро туманларига бориб, янги ҳокимларни таништирган.

Хабарда айтилишича, 2009 йилдан бери Вобкент тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Аскар Жаводов бўшатилиб, унинг ўрнига Пешкў туман ҳокими ўринбосари Баҳодур Бафоев ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Бухоро тумани ҳокими Муҳиддин Эсанов бошқа ишга ўтгани муносабати билан вазифасидан озод қилинган. Бухоро туманига Қаҳрамон Дустов ҳоким бўлган.

Ромитан ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Бахриддин Халимовнинг ўрнини эса мазкур туман ҳокимнинг биринчи ўринбосари Хуршид Тоҳиров эгаллади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган фаоллар йиғилиши вақтида Бухоро давлат университети ректори ва Бухоро муҳандислик технология институти ректори ишдан олингани хабар қилинган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 29-30 март кунларида Бухоро вилоятида бўлган.