Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодлик радиосида 3 апрель куни «“Илҳом” театри режиссёрини ўлдиргани учун 19 йилга кесилган маҳкум Тожикистонга топширилди» сарлавҳали мақола чоп этилгани ортидан бу мавзу юзасидан тушунтириш берди.
Бош прокуратуранинг билдиришича, «Илҳом» театри асосчиси ва раҳбари Марк Вайлни ўлдирганликда айбланиб 2010 йилда 20 йилга озодликдан маҳрум этилган Тожикистон фуқароси, 1973 йилда туғилган Ёқуб Ахрорович Ғофуров Душанбега вақтинча топширилган.
«19 январь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси тожик томонининг сўровини қаноатлантирди ва 12 февралда маҳкум Ёқуб Ғофуров 1993 йил 22 январда қабул қилинган Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий мносабатлар тўғрисидаги конвенцияга ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги жиноятчиларни топшириш тўғрисида 2000 йилнинг 15 июнида имзоланган шартномага асосан тожик томонининг жиноятчини жазо муддатини ўташда давом этиши учун Ўзбекистонга қайтариш борасидаги кафолатини инобатга олган ҳолда жиноий жавобгарликка тортилиши учун вақтинча Тожикистон ваколатли органларига топширилди», дейилади расмий баёнотда.
Марк Вайлни ўлдирганликда айбланиб, Ёқуб Ғофуров билан биргаликда Қаҳрамон Пўлатов ва Алишер Сатторовлар 17 йилга қамалган.
“Илҳом” театри раҳбари ва асосчиси Марк Вайль 2007 йилнинг 6 сентябрида пичоқлаб кетилгани ортидан касалхонада жон берганида 55 ëшда эди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги мулозимнинг Озодлик радиосига айтишича¸ Ëқуб Ғафуров суд мажлисида Марк Вайлни «Қуръонга тақлид» спектаклини саҳналаштиргани учун ўлдирганини айтган.
Тожикистонда Ёқуб Ғофуров ўтган асрнинг 80- йиллар охирида қуролли диний радикал тўда тузиб босқинларни амалга оширганликда айбланмоқда.