Бош прокуратура: Фарғонада одам гўшти сотилаётгани тўғрисида президентга хат ёзган одам руҳий бемор

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Фарғона деҳқон бозорида одам гўшти сотилаётгани тўғрисидаги гаплар текширилгани ва бу миш-мишлар асоссиз экани аниқланганини маълум қилди.

Аввалроқ Фейсбук ва Телеграмда фарғоналиклардан бири президент қабулхонасига Фарғона марказидаги деҳқон бозорида 50 нафар қассоб “қабристондан одам гўштини олиб келиб, сотиш билан шуғулланаётганлиги” ҳақида хат юборгани хабар қилинган эди.

Бош прокуратура хат муаллифи 1940 йилда туғилган Фарғона шаҳри, Соҳил кўчаси, 237-уйда ёлғиз ўзи яшайдиган Холиқ Раҳимов эканини аниқлаган.

Расмий маълумотда билдирилишича, Холиқ Раҳимов руҳий жиҳатдан муомалага лаёқатсиз ва 1985 йилдан буён руҳий касалликлар шифохонасида доимий рўйхатда туради.

Бош прокуратура Холиқ Раҳимов авваллари ҳам бир неча маротаба ҳукумат тузилмаларига мана шундай хатларни йўллагани, аммо улардан бирортаси ўз тасдиғини топмаганини таъкидлаган.