60 БОМЖ чиқиндихоналарга ишга қабул қилинди. Ойлик маош - 500-600 минг сўм

Бошпанасизлар

Тошкентнинг Яккасарой туманидаги чиқиндиларни юклаш ва утилизация қилиш давлат корхонасининг чиқиндиларни саралаш линиясига 60 нафар БОМЖ (русча Без определенного места жительства) бошпанасиз шахс ишга жойлаштирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташкил этган пресс-тур вақтида пойтахтдаги учта қайта юклаш станцияси бошлиғи Рафаэл Бекмулиннинг айтганларига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Лойиҳага Eco World компанияси сармоя киритди. «Саралаш линияси — компаниянинг Тошкент ИИББ, Тошкент ҳокимияти ва Давлат экология қўмитаси кўмагида ишга туширган хусусий лойиҳаси. Дастлаб масала нафақат фойда олишда, балки ижтимоий муаммоларниҳал қилишда ҳам турган эди. Одамларга паспорт қилишмоқда, улар иш ва ойига 500−600 минг сўмлик маош билан таъминланмоқда», - деди Рафаэл Бекмулин.

Eco World компанияси раҳбари саралаш линияси бир суткада 100 тонна чиқиндини ўтказиш имкониятига эга эканини маълум қилди. Йил охирига қадар у бошқа қайта юклаш станциясига кўчирилади. Яккасарой корхонасида хитойлик ҳамкорлар кўмаги билан 600 тонналик қувватга эга янги учта линия ўрнатилади.

Муайян яшаш жойи бўлмаган шахслар турар жойида икки қаватли каравотлар ўрнатилган умумий хона, душ, ошхона ва тиббиёт пункти мавжуд. Бино газ билан иситилади. Яқин вақтларда кир ювиш машиналари сотиб олинади. Саралаш линияси қувватлари ошиши билан павильон устига қўшимча қават қурилади.