Фарғонада қалбаки доллар ясаган одам қўлга тушди

Иллюстратив сурат.

Бош прокуратуранинг билдиришича, прокуратуранинг милиция билан ҳамкорликда ўтказган текшируви натижасида “Агробанк” Олтиариқ филиалига қалбаки долларни алмаштириш учун олиб келган шахс қўлга олинди.

Маълумотда айтилишича, фуқаро Х.Х., банкка алмаштириш учун 200 доллар пул топширган. Бироқ банк ходими долларнинг қалбаки эканини сезиб, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига хабар берган.

Терговга қадар текширувда, Х.Х,, бундан ташқари яна қалбаки 50 долларлик купюралардан иборат 100 дона, жами 5000 долларга эга экани аниқланиб, бу пуллар ашёвий далил сифатида олинган, Х.Х., бу пулларни фуқаро Х.Т.дан олганлигини айтган.

“Ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, ушбу қалбаки АҚШ долларлари компьютер воситасида рангли принтер ёрдамида тайёрланганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилади расмий хабарда.