Қозоғистоннинг янги президенти 14 апрелда Тошкентга келади

Қозоғистон президенти Қосимжўмарт Тўқаев

Қозоғистон президенти Қосимжўмарт Тўқаев 14 апрелда икки кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг 11 апрелда билдиришича, ташриф Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Президентлар Қозоғистонда муваффақиятли якунига етган Ўзбекистон йилининг мантиқий давоми бўладиган Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиш маросимида иштирок этадилар. Мазкур йил тадбирлари Қозоғистон санъат усталарининг концерти билан бошланади.

“Тор ва кенгайтирилган таркибда ўтказилиши режалаштирилган музокараларда икки томонлама дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинади, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилади”, дейилади хабарда.

Давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши кўзда тутилган.

Тўқаев президент сифатидаги биринчи расмий ташрифини Москвага қилган эди. Қосимжўмарт Тўқаев 3 апрель куни Москвада президент Владимир Путин билан музокара ўтказди.