Қуролли Кучлар Фарғона водийсида ҳарбий машқлар ўтказмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 нинг 28 ноябрида Чирчиқ ҳарбий полигонида ўтказилган машқларни кузатган эди.

9−13 апрель кунлари Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида Қуролли Кучларнинг барча таркибий қисмларининг ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб машғулотлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига таяниб маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Машғулотларга Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва бошқа бўлинмалари, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, маҳаллий ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш органларининг куч ва воситалари жалб этилган.

"11 апрель куни Шарқий ҳарбий округининг бир нечта полигонида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машғулоти режасига мувофиқ куч тузилмаларининг минтақадаги вазият беқарорлигининг олдини олиш ҳамда чегараолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктларида жамоат тартибини сақлаш бўйича ҳаракатига оид масалалари амалда кўриб чиқилди", дейилган хабарда.