Омбудсман бемалол очаверадиган эшиклар қаторига яна бир эшик қўшилди

Ҳукуматнинг айрим қарорларига 14 апрелда киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (Омбудсман) ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларига монеликсиз кириш ҳуқуқи берилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, киритилган қўшимчаларга биноан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили ҳам реабилитация қилиш марказларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга бўлди.

Реабилитация маркази бу муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни уларнинг шахси аниқлангунгача маъмурий суднинг ажрими асосида ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга сақлаб туриш ва реабилитация қилиш учун мўлжалланган ички ишлар органлари тизимидаги давлат муассасасидир.