Зангиотадаги Ўзгариш қишлоғи Тошкент шаҳри таркибига ўтказилади

Зангиота туманидаги бозор.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарорига мувофиқ, Тошкент вилояти Зангиота тумани таркибидаги Ўзгариш қишлоғи Тошкент шаҳри Сергели тумани таркибига ўтказилади.

Бу ҳақда "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Телеграм каналида хабар қилди.

Ўтказилган ҳудудда 4 та МФЙ (Пастдархон, Юқоридархон, Чорбоғ, Боғзор) мавжуд бўлиб, жами 428 гектар, шундан, қишлоқ хўжалиги ерлари 111,1 гектар, аҳоли хонадон ости ерлари 102,8 гектар, қурилишлар, кўчалар, саройлар ва майдонлар билан банд ерлар 134,8 гектар хамда сувости, йўл ости ва бошқа ерлар 78,5 гектарни ташкил этади.

Аҳоли сони 11935 нафар. Жами хонадонлар сони 2242 та.

“Юксалиш” ҳаракати президент Шавкат Мирзиёевнинг 17 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил этилган эди.

Фармонга асосан ҳаракатга Акмал Бурҳонов раҳбар этиб тайинланган. Халқ ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг асосий вазифаси этиб белгиланган.