Туризм қўмитаси ҳожатхоналарнинг интерактив харитасини ишлаб чиқди

Иллюстратив сурат.

Туризмни ривожлантириш қўмитаси маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ҳожатхоналарнинг интерактив харитасини ишлаб чиқди.

Қўмита ўзининг расмий сайтида эълон қилган харитани янгилаб ва мукаммаллаштириб боришга ваъда бермоқда.

“Ўтказилган мониторинг айни пайтда мамлакатдаги жамоат жойларида санитар-гигиеник нуқталарни ташкил этишга эҳтиёж борлигини кўрсатди”, дейилади хабарда.

“Фергана” агентлигининг ёзишича, ҳожатхоналар харитасини Google Market ва App Store орқали мобил телефонларида қўллаш масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда. Бу борада Туризмни ривожлантириш қўмитаси маълумот бермаган.

2018 йилда Ўзбекистонда жамоат жойларида 462та ҳожатхона қурилгани хабар қилинган эди.

Туристлар учун жамоат жойларида ҳожатхона қурган тадбиркорларга юз миллион сўмгача солиқ имтиёзлари ва ҳожатхоналар фаолиятини таъминлаш учун йилига 12 миллион сўмгача маблағ берилади.