Тошкентда мақоми ноаниқ муҳожирларни қўлга олиш ва ватанига қайтариш тажрибаси ўргатилди

Марказий Осиёда чегараларни бошқариш бўйича кўмак дастури семинари.

Тошкентда 16 апрель куни мақоми ноаниқ муҳожирларни аниқлаш, ушлаш ва ватанига қайтариш борасида Европа Иттифоқи стандартлари бўйича минтақавий семинар иш бошлади.

Марказий Осиёда чегараларни бошқариш бўйича кўмак дастури (БОМКА-9) ва Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирда халқаро экспертлар ва Марказий Осиё давлатларининг ноқонуний мигрантларни аниқлаш, ушлаш ва юртига қайтариш билан шуғулланадиган ташкилотлари вакиллари қатнашади.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад иштирокчиларни мақоми ноаниқ мигрантларни қўлга олиш, уларни вақтинча жойлаштириш ва юртига қайтариш бўйича энг яхши халқаро ва Европа тажрибалари билан таништиришдир.

Асосий эътибор мамлакат ичида ва чегаралардаги ноқонуний миграцияга қарши курашда идоралар ўртасидаги ҳамкорликка қаратилади. Шунингдек, ноқонуний мигрантларни ҳисбда ушлаб туриш стандартлари ҳам диққат марказида бўлади.

Марказий Осиёда чегараларни бошқариш бўйича кўмак дастурининг дастлабки тадбирлари 2003 йили ўтказилган.

2003-2019 йиллар давомида Европа Иттифоқи дастурни амалга ошириш учун 40,1 миллион евродан зиёд маблағ ажратган.