Ҳукумат қамоқдагиларни ўқитиш тизимини такомиллаштиришга қарор қилди

Тошкент вилоят, Зангиота туманида жойлашган қамоқхона.

Озодликдан маҳрум этилган шахслар учун умумий таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида 16 апрелда Ҳукумат қабул қилган қарорга мувофиқ, Тошкент вилояти ИИБ Пробация ва жазоларни ижро этиш бўлими Тарбия колониясининг 5-мактаби Зангиота тумани 35-мактаби билан бирлаштирилди. Ҳамда Пробация ва жазоларни ижро этиш бўлими Тарбия колониясида мазкур мактабнинг филиали ташкил этилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, шунингдек, Касб-ҳунар таълими марказининг жазони ижро этиш муассасалари ҳудудидаги 4 та касб-ҳунар таълими муассасаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилиб касб-ҳунарга ўргатиш марказларига айлантирилди.

"Марказлар маҳкумларга сифатли билим беради ва меҳнат бозорида талаб этиладиган касбларга тайёрлайди.
2019/2021 ўқув йилидан маҳкумларни ўқитиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация ва инновацион технологиялар жорий этилади ҳамда бу бўйича Ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилади. Бугунги кунда, жазони ижро этиш муассасаларида 6 та идоравий умумтаълим мактаблари ва мактабларнинг филиаллари фаолият юритмоқда", дейилган хабарда.