Ҳудудий бўлинмаси ёппасига коррупцияда айбланиб ишдан бўшатилган Солиқ қўмитасига оид низом тасдиқланди

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси.

Ҳукумат 17 апрелда қабул қилган қарор билан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлиги Солиқ қўмитаси шу пайтгача қайси ҳужжат асосида ишлаб келганини айтмаган.

Айтилишича, низомга мувофиқ, Қўмита солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини ва давлатнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасидаги назорат бўйича давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Қўмита Ҳукуматга бўйсунади ва раис бошчилик қилади. Раис Бош вазир тақдимига биноан Президент томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Низом билан Қўмитанинг вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди.

Давлат солиқ қўмитаси Шайхонтоҳур туман солиқ инспекцияси “коррупциялашган ячейка”га айланиб қолгани ортидан бу тузилманинг барча ходимлари ишдан бўшатилганини 16 апрелда маълум қилган эди.