Расман: Корея билан 12 миллиард долларлик битимлар имзоланди

Жанубий Корея президентининг Тошкент ташрифи катта тантаналар билан ўтди.

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг Тошкентга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон билан 12 миллиард доллардан зиёд қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Мун Чжэ Ин президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан давлат ташрифи билан 18 апрель куни Тошкентга келган эди. У 21 апрель куни Ўзбекистон сафари якунлаб, Қозоғистонга борди. Корея раҳбари 23 апрелгача Қозоғистонда бўлади, сўнг ватанига жўнаб кетади.

Расмий хабарда айтилиишча: “Ҳукумат ва вазирликлар ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш, тинч мақсадда фазони тадқиқ этиш, фан, технология ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Корея марказини ташкил этишга оид ва бошқа ҳужжатлар имзоланди”.