Сергелиликларнинг норозилиги ортидан тузилган комиссия ҳисобот берди

Ўзбекистон - Тошкент шаҳар, Сергели туманида аҳоли уйлар нархи ортиб кетганидан норозилик билдирди. 2019, 10 апрель

Тошкент шаҳри, Сергели туманида қурилган янги кўп қаватли уйлардаги 2 686 та хонадон ўрганилди, улардан 283 тасида камчилик аниқланди ва бартараф этилди, ҳеч ким яшамаётгани сабабли 155 та хонадонни ўрганиш имкони бўлмади.

Бу ҳақда Сергели туманида уйларнинг қурилишдаги камчиликларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш мақсадида тузилган комиссиянинг 22 апрелда бўлиб ўтган йиғилишида маълум қилингани тўғрисида ЎзА хабар қилди.

Сергели туманида барпо этилган арзон уйларнинг сифати ва нархи масаласи аҳолининг норозилигига сабаб бўлган эди.

11 апрель куни Сергели туман ҳокимлигида ҳукумат аъзолари иштирокида ушбу уйларда истиқомат қилаётган фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтган эди. Унда тумандаги арзон кўп қаватли уйларнинг нархлари, қурилишнинг сифати ва йўл қўйилган айрим камчиликлар муҳокама қилиниб, фуқароларнинг мурожаатлари тингланган эди.

Сайёр йиғилишда кўтарилган масалаларни жойнинг ўзида ўрганиш ва бартараф этиш бўйича иккита комиссия тузилган. Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев раҳбарлигидаги комиссияга уйларнинг нархлари масаласини ўрганиш, уларни имкон қадар арзонлаштириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш, қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев раҳбарлигидаги комиссияга қурилишдаги камчиликларни ўрганиш ва жойининг ўзида бартараф этиш вазифалари топширилган эди.