Бола 14 ёшга тўлганидан бошлаб ота-онасидан алимент ундиришга ҳақли бўлди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли бўлди.

Адлия вазирлигининг 22 апрелда билдиришича, бу ҳуқуқ президентнинг "Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора -тадбирлар тўғрисида"ги фармонида белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари Омбудсманнинг ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.

Қарорга мувофиқ болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади.

Бундан ташқари болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

Болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинади.